Jump to content

Тариқ

From Vikipediya
Оддий тариқ (Паниcум милиаcеум)

Тариқ (инглизча: Паниcум Л.) — бошоқдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимликлар туркуми; дон экини.

Ватани Хитой ва Монголия. Осиё, Америка, Африкада кенг тарқалган. Афғонистон, Ҳиндистон, Жанубий Европа, Россия, Грузия, Арманистон, Қозоғистонда катта майдонларга экилади. 500 га яқин тури бор. Тариқ қадимдан экиладиган ўсимлик. Осиё, Европа ва Шимолий Америкада милоддан авввалги 3-минг йилликдан ўстирилган, Хитойда 5 минг йилдан бери экиб келинади.

Ўзбекистонда кўпинча баҳорикор ерларга дони учун 1 тури — оддий тариқ (Паниcум милиаcеум Л) экилади. Оддий тариқ рўвагининг шаклига қараб ёйиқ, чочоқ, сиқиқ, овал, ярим ғуж ва ғуж кенжа турларга бўлинади. Илдизи попуксимон, 150 см чуқурликкача боради. Пояси — похолпоя (20—150 см). Барглари наштарсимон, тукли ёки туксиз, яшил ёки қизғиш, узунлиги 18—65 см. Гули икки жинсли. Дони қобиқли, шакли юмалоқ, овал ёки чўзиқ, ранги оқ, сариқ, қизғиш, жигарранг; 1000 донасининг вазни 4—9 г.

Тариқ иссиқсевар, қурғоқчиликка, шўрга чидамли ўсимлик. Уруғи ҳарорат 8—10° бўлганда униб чиқади, 12—15° да майсалари кўкара бошлайди. Ўсув даври 60—100 (120) кун. Лалми ерларга апрелнинг охири — май ойининг бошларида, суғориладиган ерларда апрел охирида, такрорий экин сифатида июннинг охири — июлнинг бошларида экилади.

Тариқ донида 10—15% оқсил, 50% углевод, 3,8% мой мавжуд. Донидан спирт олишда, бўза тайёрлашда фойдаланилади, сўк, ёрма, ун тайёрланади. Оқланган дони (сўк) мазали ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади. Тариқ уни нон ёпишда кўпинча жавдар унига қўшилади. Ўзбекистонда тариқнинг Саратов-853 нави экилади.

Касалликлари: қора куя, бактериоз.

Зараркунандалари: тариқ чивини, поя парвонаси ва бошқа.

Манбалар

[edit | edit source]

ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил. Ҳалима Отабоева.